Шарҳлаш
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу хабар бермоқдалар: «Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга масжидда ўтирганларида туяга минган одам кириб келди-да, туясини чўктириб, боғлади. Кейин: «Қайси бирингиз Муҳаммадсиз?!», - деб сўради. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида суяниб ўтирган эдилар. Саҳобалар: «Анави, оппоқ юзли одам», - деб жавоб бердилар. У одам: «Эй, Абдулмутталибнинг ўғли!», - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сени эшитдим, саволингни беравер», -дедилар. Ҳалиги одам: «Мен Сизга савол бераман. Саволларни ҳам қаттиқ бераман. Менга аччиғингиз келмасин!», - деди. Яъни, мендан ғазабингиз чиқмасин, ва ҳафа ҳам бўлманг! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам«Нимани хоҳласанг сўрайвер», - дедилар. «Сизнинг ва Сиздан аввал ўтганларнинг Рабби номига онт ичиб сўрайман, Аллоҳ сизни бутун башариятга пайғамбар қилиб жўнатдими?!», - деди ҳалиги одам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг тўғри эканини тасдиқлаб: «Аллоҳга қасам, ҳа шундай», - дедилар. Ҳалиги одам: «Аллоҳ номига онт ичиб сурайман, Аллоҳ Сизга бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқишимизни буюрдими?!». Яъни фарз намозлар ҳақида сурамоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасам, шундай», - дедилар. Ҳалиги одам: «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, йилда бир ой рўза тутишни Аллоҳ буюрдими?», - деб сўради. Яъни, рамазон ойида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасам, ҳа», - дедилар. «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, бойлардан закот олиб, фақирларга бўлиб беришни сизга Аллоҳ буюрдими?»,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасам, ҳа», - дедилар. Зимом ислом динини қабул қилди ва Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи ва салламга қавмини Ислом динига даъват қилишини айтиб, ўзини «Саъд бин Бакр қабиласига мансуб Зимом ибн Саълаба»,- дея таништирди.