Шарҳлаш
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердиларки:
"Аллоҳ таоло жаннат ва жаҳаннамни яратгач, Жаброил алайҳиссаломга: "Жаннатга бориб, унга боқ!"- деди. Жаброил алайҳиссалом жаннатга боқиб, ортига қайтиб келди. Сўнгра, Жаброил алайҳиссалом: "Раббим, иззатингга қасам ичиб айтаманки, жаннат ва жаннатдаги неъмат ва эҳтиромлар ҳақида ким эшитса, унга киришни ҳохлайди ва ҳаракат қилади", - деди. Кейин Аллоҳ таоло жаннатни буйруқларни қилиш ва гуноҳлардан сақланиш каби қийинчилик ва машаққатлар билан иҳоталади. Шу боисдан, жаннатга кирмоқчи бўлган одам ушбу қийинчиликлардан ўтиши лозимдир. Аллоҳ таоло жаннатни қийинчиликлар билан иҳоталагач, Жаброил алайҳиссаломга: "Қани, энди бориб жаннатга боқ-чи",- деди. Жаброил алайҳиссалом бориб қаради ва қайтиб келгач: " Эй Раббим, иззатингга қасамки, жаннатнинг йўлидаги қийинчиликлар туфайли, бирон кимса унга кира олмасмикин дея қўрқаяпман!", -деди. Аллоҳ таоло жаҳаннамни яратгач: "Эй Жаброил, жаҳаннамга бир боқ!", - деди. Жаброил алайҳиссалом бориб жаҳаннамга қаради. Сўнгра қайтиб келгач: " Эй Раббим, иззатингга қасамки, ундаги азобу уқубатларни эшитган одам жаҳаннамга киришни ёмон кўради ва унга олиб борадиган йўллардан узоқ бўлади", - деди. Шундан кейин Аллоҳ таоло жаҳаннам атрофини тўсиб, унга олиб борадиган йўлларни ҳою ҳавас ва лаззатли ишлар қилиб қўйди-да, Жаброил алайҳиссаломга: "Эй Жаброил, қани энди бир бориб кўр-чи!", - деди. Жаброил алайҳиссалом жаҳаннам олдига бориб, унга қараб келди-да: "Эй Раббим, иззатингга қасамки, атрофидаги ҳою ҳавас ва лаззатлар туфайли жаҳаннамдан ҳеч ким қутула олмаса керак, деб қўрқдим ва уларга раҳмим келди", - деди.