Шарҳлаш
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло Қиёмат куни, одамларнинг кўзлари ўнгида, умматидан бир одамни сарҳисоб қилиш учун танлаб чақириши, сўнгра, унга дунё ҳаётида қилган гуноҳлари қайд этилган тўқсон тўққизта амалномаларини кўрсатиши, ҳар бир амалнома инсон кўзи етгунча масофада узун бўлишидан дарак бермоқдалар. Кейин Аллоҳ таоло мазкур одамга: Сен бу амалномада ёзилган бирон нарсани инкор қиласанми?! Ёзувчи ва қўриқчи фаришталарим сенга зулм қилишибдими?" - деб сўрайди. Банда: "Йўқ, Раббим!",- деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ таоло: "Дунё ҳаётида қилган ушбу амалларинг учун билмай ёки тушунмай, ёхуд қўққисдан қилиб қўйиш каби биронта баҳонанг борми?", - дейди. Банда: "Раббим, биронта узр-баҳонам йўқ",- дейди. Шунда Аллоҳ таоло: "Айтмоқчи, бизда сенинг битта яхшилигинг бор. Бугун сенга зулм қилинмайди",- дейди. Аллоҳ таоло "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман"-, деб ёзилган номани чиқаради. Шунда Аллоҳ таоло ҳалиги одамга: "Тарозингни тайёрла!", - дейди. Банда ҳайратланиб: "Раббим, шунча амалномалар олдида бу нома нимага ҳам ярар эди", - дейди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло: "Бугун сенинг бошингга зулм келмайди", - дейди. Барча амалномалари бир паллага, нома эса иккинчи паллага қўйилиб, тортилади. Амалномалар қўйилган палла енгил босиб, нома қўйилган палла оғир босади-да, Аллоҳ таоло бандани мағфират қилади.